Ягона портал орқали электрон хизматларни кўрсатишнинг янги тартибига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

2016 йилнинг 16 август куни Алоқа тарихи музейида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 июндаги “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари ҳақида”ги 188-сон қарори билан қабул қилинган Ягона портал орқали электрон хизматларни кўрсатишнинг янги тартиб-таомилларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

 

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, жорий йилнинг июнь ойидан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонуни “электрон ҳукумат” соҳасидаги муносабатларни тартибга солиб, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини, тезкорлигини ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашишни таъминлашнинг қўшимча механизмларини яратишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йилнинг 3 июндаги “«Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари ҳақида”ги 188-сон қарори асосида тасдиқланган Низомда электрон давлат хизматларининг таснифи, электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартиби, Ягона портал ҳамда давлат идоралари сайтларига қўйиладиган талаблар белгилаб берилган.

2013 йилдан бошлаб фаолият кўрсатиб келатёган Ягона портал орқали кўрсатилаётган электрон давлат хизматлар сони бугун 280 турдан ортган. Бугунги кунда ушбу электрон давлат хизматлардан 730 мингдан зиёд маротаба фойдаланилган бўлиб, фойдаланувчиларнинг 44 фоизи (326 мингдан зиёд) аҳолига ва 56 фоизи (412 мингдан зиёд) тадбиркорларга тўғри келмоқда.

Ягона порталнинг асосий вазифалари этиб электрон давлат хизматларининг рўйхатини, шунингдек уларни тақдим этиш тартибини эълон қилиш, электрон давлат хизматлари олиш учун зарур бўлган аризаларни ва бошқа ҳужжатларни ариза берувчилардан электрон шаклда қабул қилиш, электрон давлат хизматлари кўрсатиш ҳолатини кузатиш, асосий давлат хизматлари кўрсатиш, ариза берувчиларнинг сўровларини ҳисобга олиш, шунингдек давлат органлари томонидан электрон давлат хизматларининг ўз вақтида ва сифатли тақдим этилиши мониторингини амалга ошириш белгиланган.

Электрон давлат хизматлари фуқароларга масофадан туриб давлат органлари билан ўзаро электрон муносабатларни амалга ошириш шароитини яратиб, давлат идоралари фуқароларга «ягона дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатади. Яъни, давлат органлари ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари воситасида маълумотлар алмашиш тизими йўлга қўйилиб, аризачининг бошқа давлат идорасига ариза сўраб ташриф буюришига чек қўйилади. Асосий давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари хизматни кўрсатиш учун зарур бўлган ва давлат бошқа органларининг ихтиёрида бўлган маълумотларни идоралараро электрон ҳамкорлик воситасида электрон шаклда олади.

Қарорга кўра, электрон давлат хизматлари фойдаланиш учун қулай, ариза берувчиларнинг эҳтиёжлари ҳамда манфаатларига мос келиши керак. Шунингдек, давлат органлари ариза берувчиларнинг электрон давлат хизматларидан кафолатланган ва хавфсиз фойдалана олишларини таъминлашлари зарур.

Шунингдек, давлат органларида АКТни мунтазам жорий этилишини ўрганиш, веб-сайтлар фаолиятини такомиллаштириш ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида, “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш самарадорлигини рейтингли баҳолаш тизими” шакллантириб келинмоқда. Мазкур рейтингда давлат идорасининг расмий веб-сайти ва унда интерактив давлат хизматларининг кўрсатилиш ҳолати 100 баллик тизимда 60 балл билан баҳоланади.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, электрон хизматлар кўрсатиш тизимининг такомиллашуви давлат хизматларини кўрсатишнинг ошкора ва умумфойдаланадиган механизмларини яратиш, уларни кўрсатиш муддатларини қисқартириш ва ижро этиш тартибини марказлаштирилган ҳолда назорат қилиш йўли билан давлат хизматлари кўрсатиш сифатини оширишга, аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва давлат органларининг харажатларининг қисқаришига хизмат қилади.

Иккитомонлама музокара кайфиятида ўтган матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган масала юзасидан атрофлича жавоб олдилар.

Ишни бошлаш учун рўйхатдан ўтинг!